Наманганда имомларнинг хотинларидан ҳижобни ечиш талаб қилинди

Август ойи бошларида Наманган шаҳрида ўтказилган йиғилишда имомлар, уларнинг ноиблари ва мутаваллиларнинг хотинларидан ҳижобни ечиб, рўмолни орқасидан ўраб юриш талаб қилинди.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган, исми сир қолишини сўраган имомлардан бирининг айтишича, Наманган шаҳридаги масжидлар имомларининг хотинлари махсус мажлисга чақиртирилиб, улардан ҳижобдан воз кечишни, акс ҳолда эрлари ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Наманган вилояти ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар масалалар бўлими бошлиғи Жамшид Ҳатамов томонидан ташкил қилинган бу мажлисни шу бўлим бошлиғининг ёрдамчиси Сайёра Исоқова олиб борган.

Мажлисда иштирок этган, исми сир қолишини сўраган аёллардан бирининг Озодликка айтишича, ҳар бир имом-хатиб, имом ноиби ва мутаваллиларнинг аёлларининг мажлисга келишини таъминлаб бериш Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилояти бўлими раҳбари Мусохон Аббосидиновга юклатилган.

Мажлисда қатнашганлар давомат қилиниб аёли келмаган имомларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинган.

Хўш, нега диний идора бошқармаси вакиллари имомларнинг ўзини эмас, балки уларнинг аёлларини мажлисга чақирди?

Озодликда икки соатдан ортиқ давом этган мажлиснинг аудиоси бор.

Наманган вилояти ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар масалалар бўлими бошлиғи Жамшид Ҳатамовнинг ёрдамчиси Сайёра Исоқова йиғилишда бундай дейди:

“Энди қонун бор. Ўша имомнинг аёли ёпиниб юргани учун судга чиқарилди. Олдин бурқа билан ёпиниб юришарди. Одамлар ҳозир анча тушуниб қолди, мумкин эмаслигини, энди рўмол билан ёпишни ўрганиб олдик-да. 184 прим 4 модда бор, Маъмурий кодексда. Маска бўладими, рўмол бўладими,ички ишларнинг қўлига тушсангиз мен сизга ҳеч қанақа ёрдам беролмайман. Агар имомларимизнинг хотинларидан бирортаси қўлга тушадиган бўлса, эрингизни аяб ўтирмайди”

Мажлисда иштирок этган аёллардан бирининг сўзларига кўра, Сайёра Исоқова шундай усул билан имомларнинг аёлларига босим ўтказган ва у чиқишидаҚуръонда ҳижобнинг амри йўқ”лигини даъво қилган.

Гувоҳларнинг айтишича, бу босимдан сўнг баъзи имомларнинг аёллари йиғилишдан чиқар экан, “эримизни ишдан бўшатишаркан” деган хавотир билан уларнинг 3-4 нафари рўмолини ечиб, бошнинг орқасидан ўраб чиққан.

Ўзбекистон Конституциясида дин ва давлат ажратилгани ва фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатлангани ёзилган. Бироқ амалиётда диний либослар, айниқса ҳижоб масаласида давлатнинг қаттиқ чеклов сиёсати сақланиб қолмоқда.

Исми сир қолишини сўраган имомлардан бири ноибининг айтишича, вилоят имом-хатиби Мусохон Аббосидинов мусулмонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эмас, балки ҳокимликдан ва диний қўмитадан тушган ҳар бир топшириқни сўзсиз бажарадиган имомга айланган:

“Сўнгги икки йил орасида Мусохон домла ўзига ёқмаган 40дан ортиқ имомни ишдан бўшатиб, ўзининг айтганини сўзсиз бажарадиган имомларни ишга қўйди. Масалан Маҳмудхон домланининг хотини кўчада ҳижобда юрганлиги учун, Шокиржон домла раҳбарларга ёқмай қолгани учун, Дилмуродхон домлани қўмитадаги ходим билан тортишгани учун ишдан олди. Мусохон домла ишдан олиш учун аввал ўринбосари Обидхон Икромовни ишга солади, унинг кучи етмаса кейин ўзи мажбурлайди", деди Намангандаги масжид имомларидан бири.

Озодлик Наманган вилояти имом-хатиби Мусохон Аббосидинов билан боғланиб, Сайёра Исоқова ўтказган йиғилиш ва имомларнинг юқорида келтирган иддаоларига муносабат сўради:

Мусохон Аббосидинов:Рўмол масаласида Наманганнинг ўзига хос менталитети бор. Ёпунчиқ деган аввалдан бўлган ҳолатлар бор. Бунга ҳеч қандай тазйиқ бўлгани йўқ. Муслима оналаримизнинг ҳаммаси ҳам динимизга, ҳам урфимизга мос ўранганлар".

Озодлик: Йиғилишда Сайёра Исоқова аёлларга рўмолни орқасидан боғлашни талаб қилганини айтишди. Рўмолни шундай ўраш, сизнинг фиркингизча мажбурийми ёки мажбурий эмас:

Мусохон Аббосидинов:Мажбурий эмас унга.

Мусохон Аббосидинов ўнлаб туман ва шаҳар имомларининг ёппасига ишдан бўшатилганига оид саволга бундай деб жавоб берди:

- Ишдан бўшатилган имомларнинг ўз сабаблари бор. Ёшлари ўқишга кирганлари, соғлиғи туфайли даволангани чиқиб кетганлари бор. Бизда ҳаммасининг таҳлили бор. Ҳаммасини ҳужжатларда асоси бор. Баъзилари маъмурий жавобгарликка тортилгани учун ишдан бўшатилганлари ҳам бор".

Сўнгги йилларда мактаб ва давлат муассасаларида соқол ҳижоб тақиқлари, жамоат жойларида диний кўринишдаги кийимларга нисбатан таъқиблар қайтадан кучайгани кузатилмоқда.

Ушбу кўрсатув эфирга тайёрланаётган пайтда, 20 август куни Озодликка Тошкентнинг Сергели машина бозоридан видео келиб тушди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Тошкентнинг Сергели машина бозорида 20 август куни бўлган ҳолат

Видеони юборган тадбиркорнинг айтишича, бозор қоровуллари соқоли бор сотувчиларни профилактика инспектори хонасига мажбурлаб олиб бориб, соқолини олдиришга ва расмга тушишга мажбур қилмоқда. Бунга кўнмаганларнинг дўконлари ёптириляпти ва уларга савдо қилишга имкон берилмаяпти.

Имомлар ва уларнинг оилалари эса давлат назоратидаги энг заиф қатламлардан бири ҳисобланади. Чунки улар расмий диний тизимнинг бир қисми сифатида тўғридан-тўғри Дин ишлари бўйича қўмита ва маҳаллий ҳокимиятларга боғлиқ.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистондаги имомлар ҳозир тўғридан-тўғри ҳокимиятга бўйсунади ва улар айтган чизиқдан чиқмайди. Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ҳам ҳар жума барча масжидларга бир хил жума хутбаси юборади.

Мусулмонлар идорасини эса Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси ва президентнинг диний масалалар бўйича маслаҳатчиси назорат қилади.

Ўзбекистон ҳам имзолаган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси ва Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳар бир инсоннинг дин ва эътиқод эркинлигини, шу жумладан, уни ошкор ифода этиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Бу ҳуқуқ диний кийимларни ихтиёрий равишда танлаш ва тақиш эркинлигини ҳам ўз ичига олади.

Диний либосни тақишга ёки ечишга мажбурлаш дин эркинлигини бузиш ҳисобланади. Бу ҳолат, айниқса, давлат хизматчилари ва уларнинг оилаларига босим кўринишида қўлланганда, халқаро майдонда кескин танқидга сабаб бўлади.

Ислом Каримов президентлиги даврида ўзбекистонлик мусулмонларнинг қаттиқ репрессия қилингани халқаро ташкилотлар танқидига учраган эди.

Мирзиёев президентликка келганидан сўнг, бу соҳадаги вазиятни анча юмшатди. Диний айблов билан қамалган юзлаб маҳкумлар озод қилинди, диндор қатламнинг давлатга бўлган ишончи янада орта бошлади.

Аммо сўнгги уч йил орасида яна диндорларнинг ҳуқуқлари камситилаётгани масаласи кун тартибига чиқмоқда.

2021 йилда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди: расман ҳижоб ва диний либосларни оммавий жойларда тақиқлаш бекор қилинди, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилди.

Энг қатъий расмий чеклов бўлмаса-да, ҳижоб ва соқолга нисбатан ўзгарувчан назорат амалда сақланиб қолмоқда.

2023 йилда Human Rights Watch ташкилоти ҳижоб ва соқол масаласидаги амалиётни “ваъда қилинган диний эркинлик ислоҳотларига зид” деб баҳолаган.

AҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси маҳаллий даражадаги босимлар, айниқса имомлар ва диний фаоллар устидан назоратни, “қўрқитиш ва ишдан бўшатиш орқали амалга оширилаётган” тадбир деб қайд этган.

Таҳлилчилар фикрича, Намангандаги сўнгги ҳолат давлатнинг диний либослар ва диний фаол қатлам устидан қатағон сиёсати давом этаётганидан далолат. Бу амалиёт нафақат Конституцияда белгиланган эркинликка, балки халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига ҳам зиддир. Агар бу сиёсат қайта кўриб чиқилмаса, у диндор жамоа ва давлат ўртасидаги муносабатларни янада ёмонлаштириши, ижтимоий беқарорликка замин яратиши мумкин.